Жиззах вилояти. Наҳотки битта машина аккумулятори тўрт марта алмаштирилса . . .
Харид қилинган аккумуляторни алмаштиришдан сотувчи сира чарчамади, аммо харидорнинг бундан қаттиқ асаби бузилди, автомобиль билан боғлиқ режалаштирган ишларини бажара олмади, энг ёмони вақти зое кетди.
Истеъмолчини овора ю сарсон қилган бу муаммога биров ишонади, бошқаси ишонмайди. Наҳотки аккумулятор харид қилган одам шунчалик ҳам соддамикан, бўлмаган гап дейди. Ёки бўлмаса сотувчи тўрт маротаба ҳам бечора харидорни алдайдими деб аччиғи келиши мумкин.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам истеъмолчи А.Х. Жиззах шаҳрида жойлашган “Чуқур” бозоридан автомобили учун 450 минг сўмга сотиб олган аккумулятори сифатсиз бўлган. Ҳеч қанча бўлмай фойдаланиш жараёнида мазкур эҳтиёт қисм носоз ҳолатга келган. Ачинарлиси, дўкон томонидан қайта-қайта алмаштирилган товарларда ҳам шундай носозлик бўлган. Мазкур муаммодан боши қотган истеъмолчи А.Х. сотувчидан унга тўланган пулини қайтариб беришларини сўради. Аммо рад жавобини эшитди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Жиззах вилояти ҳудудий тузилмаси мурожаатчининг эътирозларини ўрганиб чиққанида автомобиль учун харид қилинган аккумуляторнинг ишлаб чиқаришдаги нуқсони борлиги маълум бўлди. Дўкон сотувчисига Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига кўра истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли эканлиги ҳақида тушунтириш бериб ўтди. Шундан сўнг дўкон сотувчиси аккумуляторга тўланган пулни қайтариб беришга мажбур бўлди.
7,572