Ёхуд яна ечимини топган зиддиятли масала ва мурожаатлар ҳақида
Бугунги кунда юртимизда инсонни, “оддий” одамларни рози қилиш, мансабдорларнинг улар билан муросаи мадора билан ишлашларига кунда кунора тўқнаш келяпмиз. Авваллари қайсидир “эшик”ка мен ҳақман, менинг ҳам дардимни эшитинг, деб борсангиз, сизни эшитиш тугул қабул қилишларининг ўзи бир муаммо эди. Минг шукурки, бугун ҳар бир ташкилот ўз эшикларини барча учун кенг очиб қўйди. Жумладан, бугун кўпчилик фуқароларнинг жонига оро кираётган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳам. Бугун ҳам таҳририятга келган мурожаатларнинг амалдаги ижросига “назар соламиз”.
Саҳифа эксперти: Умида МАНСУРОВА, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси
“СУВ ҲИСОБЛАГИЧИМИЗНИ ОЛИБ КЕТИБ, ҚАЙТА ЎРНАТИШМАДИ…”
“Хонадонимдаги сув ҳисоблагич туман сувоқова ходимлари томонидан жорий йилнинг 25 март куни давлат қиёслов кўригидан ўтказиш учун ечиб олиб кетилган эди. Аммо ўтган олти ой давомида улардан дарак бўлмади. Ҳисоблагич ўз вақтида ўрнатилмагани етмаганидек, бизга ичимлик суви сарфи учун тўлов меъёр асосида тўланиши талаб қилинди. Бу ҳақда уларга бир неча бор қўнғироқ қилдик, таъминотчи корхона бориб қилган мурожаатимизга ҳам бефарқ муносабатда бўлишди. Илтимос, бизга амалий ёрдам беринг.”
Ҳикматилла ТОШМАТОВ, Тошкент вилояти
– Истеъмолчининг мурожаати Агентликнинг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмаси ходимлари саъй-ҳаракати билан қисқа муддатда ижобий тарзда ҳал этилди. Яъни “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ томонидан олти ойдан буён ҳал этилмаётган муаммо – ҳисоблаш прибори қиёсловдан ўтказилди, қайта жойига ўрнатилди ва далолатномаси тақдим этилди. Март-сентябрь ойлари учун 134 750 сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди. Шундан 65 450 сўмини истеъмолчи, қолган 69 300 сўмини камчиликка йўл қўйгани учун мазкур МЧЖнинг Қибрай тумани бўлими тамғаловчиси Б.Узоқов тўлайдиган бўлди.
ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ БИЗНИ АЛДАШДИ…МИ?
“Каналга насос ўрнатаётган эдик. Халқ қабулхонасига мурожаат қилдик. Улар бизга насос ўрнатилди, деб жавоб беришди, лекин ҳеч қандай насос ўрнатилмади. Бизни алдашдими?”
Ҳусан ЖЎРАЕВ Сурхондарё вилояти
-Агентликнинг Сурхондарё вилояти ҳудудий тузилмаси “Оқтепа” МФЙ раиси Н.Абдиев билан бирга мурожаатни жойида ўрганиб чиқдик. Ҳақиқатан ҳам мазкур каналдан келадиган сувдан кундалик турмушда фойдаланиш учун зарурат борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда “Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза” вилоят бошқармасига сўров хати юборилди. Бугунги кунда мазкур маҳалладаги Р-16-7 каналида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида реконструкция ишлари бошланган. Хусусан, каналнинг 9 км. қисмини реконструкция қилиш, 2,16 км.га янгидан латок тармоғини қуриш, 2 дона насос ва 3,2 км металл қувур ўрнатиш устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхати асосида амалга оширилади. Бу ишларни амалга ошириш учун бир дона НДС-12 маркали насоси агрегати келтирилди ва “Файз – Меҳринисо” қурилиш хусусий корхонаси томонидан уни жорий йилнинг охиригача ишга тушириш режалаштирилди.
БИР ХОНАДОНДАГИ УЧ ОИЛАГА БИТТА ГАЗ БАЛЛОН ЕТАДИМИ?
“Биз 10 кишидан ортиқ жон битта хонадонда яшаймиз. Бизнинг газга эҳтиёжимиз катта. Яшаётган ҳудудимизда табиий газ йўқ. Боз устига суюлтирилган газ ҳам бугунги кунда муаммо бўлиб қолмоқда. Нега деганда, 3 та оила учун битта газ баллони камлик қилади. Биз бир неча маротаба масъулларга ушбу масалада мурожаат қилдик, аммо натижа йўқ. Илтимос, бизнинг хонадонга яна газбаллон олишда ёрдам беринглар.”
С.М. Андижон вилояти
-Муаммо Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси талаблари асосида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти Избоскан туман газ филиали масъул ходимлари билан биргаликда ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида ҳақиқатан ҳам С.М.лар хонадонида 3 та маиший газ баллонидан фойдаланишга зарурат борлиги аниқланди. Мурожаат қаноатлантирилиб, 3 дона маиший баллонга суюлтирилган газ тўлдирилиб берилди.
“ҚАРЗИМ ЙЎҚЛИГИНИ ИСБОТЛАЙ ОЛМАЯПМАН”
“Яқинда хонадонимга иссиқлик энергияси бўйича 2 000 000 сўм миқдорида қарз ҳисобланибди. Туман таъминот корхонасидан сабабини сўраганимда иссиқ сув ҳисоблагичининг қиёслов муддати ўтиб кетганлигини айтишди. Мен ҳамма тўловларни ўз вақтида тўлашга одатланганман.Умуман қарзим йўқ, аммо буни сира исботлай олмаяпман. Ҳуқуқларимни тиклашда амалий ёрдам беришингизни сўрайман.”
Маҳбуба ДАВИДОВА, Тошкент шаҳар, Сергели тумани
-Ушбу аризани ўрганишга “Тошиссиққуввати” ДУК ходимлари жалб этилди. Ўрганишлар жараёнида истеъмолчи хонадонидаги иситиш майдони 51,75 м 2 ни ташкил этиши маълум бўлди. Жумладан, 2002 йилдан 2013 йилгача фойдаланилган иссиқлик манбаи хонадонда яшовчи 3-5 киши учун тўланган. Кейинги уч йил ичида эса иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичи билан ҳисоб-китоблар юритилган. 2019 йил 11 февралда сув ўлчагич ускунаси навбатдаги қиёсловдан ўтказилган, бошланғич 225 м 3 ва маълумотлар базасига ўзгартириш киритилган. Шундан сўнг истеъмолчи хонадонида ўлчаш приборлари бўйича ҳисоб-китоблар амалга ошириб келинган. Шуни айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 194-сон қарори талабларига кўра, индивидуал ҳисобга олиш асбобидан фойдаланишнинг кўрсатилган чекланган муддати тамом бўлгунга қадар Етказиб берувчи олдиндан (камида 10 календарь кундан олдин) Истеъмолчига шартномада қайд этилган индивидуал ҳисобга олиш асбобидан фойдаланишнинг чекланган муддати тамом бўлганлиги тўғрисида белгиланган тартибда билдиришнома юбориши керак. Шунингдек, мазкур қарор билан истеъмолчи билдиришнома олинган кундан бошлаб уч кун муддатда буюртманомани, ҳисобга олишнинг индивидуал ҳисобга олиш асбобини текшириш учун Етказиб берувчининг вакиллари билан ечиб олиш санаси, индивидуал ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари ва текширишни ўтказиш ҳамда ҳисобга олишнинг текширилган индивидуал ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш муддатларини келишиб олгандан сўнггина амалга оширилиши керак эди. “Тошиссиққуввати” ДУК томонидан ана шу қоидага асосан 2018 йил 20 декабрь ойида истеъмолчи М.Д манзилига ҳисоблагичини текшириш бўйича огоҳлантирув хати юборган. Аммо мазкур хат етиб келмаганлиги сабабли ҳисоблагич ўз вақтида қиёсловдан ўтмаган. Таъминотчи корхона эса иссиқ сув ҳисоблаш приборининг қиёслов ҳужжатлари тақдим этилмаганлиги сабабли тўловларни мазкур уйда яшовчиларнинг сонига қараб белгилаган. Аммо шундай ҳолатга қарамай, мазкур муаммо атрофлича ўрганилганда истеъмолчи ҳақ бўлиб чиқди. Ҳисоблаш приборининг кўрсаткичи 2020 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра 227 м3 бўлиб, истеъмолчи М.Д. қарздор эмас, балки ҳақдор экан, яъни унинг 450 минг 624 сўм миқдорда олдиндан тўлови мавжуд бўлиб, “юклатилган” 2 000 000 сўм эса асоссиз қарздорлик эканлиги маълум бўлди.
МУШТАРИЙЛАРГА МУРОЖААТ
Агар савдо ва хизмат кўрсатувчилар ҳуқуқларингизни қонунга хилоф равишда поймол этишса, республиканинг қайси ҳудудида бўлишингиздан қатъи назар, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва “Даракчи” нашри ҳамкорлигида ташкил этилган “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳаси сизга ёрдамга келади. Бунинг учун сиз ҳафтанинг ҳар чоршанба куни соат 15:00 дан 17:00 гача газетанинг (+998 95) 194-64-16 ва ҳафтанинг иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача Агентликнинг 1159 қисқа рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Фақат мурожаат қолдиришдан олдин “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳасига дейишни унутманг.
Савол ва мурожаатларингизни саҳифа муаллифи шахсан қабул қилади.
Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади
4,280