Бугунги кунда уяли телефон алоқаси инсон ҳаёт тарзининг бир бўлагига айланган, десак муболаға бўлмайди. Телефон алоқасига зарурат бўлганда жуда ҳам қулай ва вақтни тежайди.Улар орқали кўрсатилаётган хизматларнинг деярли сон-саноғи йўқ.
Аммо баъзида бу борада кўрсатилаётган хизматларни талаб даражасида деб бўлмайди…
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида истиқомат қилувчи Н.Дўстмуродов мурожаат қилиб «UMS» (Mobiuz) МЧЖ компанияси хизматидан ўзининг норозилигини билдирган.Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан Қўмита ишонч телефони орқали қилинган мурожаат кўриб чиқилганда Ўзбекистон Республикаси «Телекоммуникациялар тўғрисида» ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда белгиланган талаблар бузилганлиги маълум бўлди. Ўрганишлар ушбу компания операторининг ишга масъулиятсизлиги орқали телекоммуникация хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларининг тўлиқ бажармаганлиги оқибатида муаммо келиб чиққанлигини кўрсатди. Аслида Н.Дўстмуродов телефон алоқаси учун олдиндан тўловни амалга оширган. Аммо унга асоссиз ўн минг сўм қарздорлик кўрсатилиб, телефон рақами блокка туширилган.
Шу ўринда кўпчиликда ўн минг сўм экан-ку, шартмиди мурожаат қилиши, деган ҳаёл ўтиши мумкин. Истеъмолчи Н. Дўстмуродов «UMS» компаниясининг иккита телефон рақамига эга. Ачинарлиси, улардан ҳеч бири яхши ишламайди. Интернетдан фойдалана олмагани етмаганидек , ҳатто телефонда дурустроқ гаплаша ҳам олмаган. Компания томонидан бу борада кўрсатилган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилди. Мурожаатчи етказилган зарар қопланишида кўмак берилгани ва бу билан унинг ҳақ-ҳуқуқлари қайта тиклангани учун Агентликка ўз миннатдорчилигини билдирди.
5,807