Мурожаатчи К.М. 16 млн сўмдан ортиқ қарздорлик қаердан келиб чиққанига ҳайрон бўлди. Бу қарздорлиги фойдаланиб турган электр ҳисоблагичини ечиш жараёнида маълум бўлди. Истеъмолчи дарҳол бунга ўз эътирозини билдирди.Электр тармоқлари корхонаси ходими бирон-бир нима демай, К.М. хонадонига янги ҳисоблагични ўрнатди, белгиланган тартибда далолатнома тузди. Эски ҳисоблагич эса 68 979 кВт/с кўрсаткич билан ечиб ва истеъмолчининг шахсий ҳисоб-китоб дастурига киритилди. Аммо юқорида айтилган катта сумма қарз ҳақидаги саволга тайинли жавоб берилмади. Истеъмолчи ҳам тартибга кўра янги замонавий ҳисоблагич учун тегишли тўловларни амалга ошириб қўйди. Аммо кўп ўтмай уни ташвишга солган асоссиз қарздорлик маълум қилинди.
Бу ҳақда истеъмолчи Жалақудуқ туман электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилди, лекин натижаси бўлмади. Шундан сўнг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Андижон вилояти ҳудудий тузилмасига эътирозини билдирди. Мурожаат ўрганилганда бунга сабаб олдинги ҳисоблагичнинг носозлиги деган тўхтамга келинди. Ҳудудий тузилманинг сўров хати билан мазкур ҳисоблагич қиёсловдан ўтказилганда ҳақиқатан ҳам носоз деган хулоса берилди. Қилинган қайта ҳисоб-китоблар истеъмолчи К.М.да 16 млн 980 минг 167 сўм 28 тийин эмас, балки 613 минг 305 сўм қарзи мавжудлигини кўрсатди. Шундан сўнг истеъмолчи фақат юзага келган асосли қарздорлик бўйича тўловларни жойида амалга оширди ва муаммо ижобий ҳал этилишига эришилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунининг 21-моддаси: Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
6,954