Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “Жўрабек” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи У.С. Дилмуродовга туман Мажбурий ижро бюроси ходими томонидан табиий газ таъминоти учун 444 000 сўм қарздорлиги ҳақидаги маълумотнома тақдим этилганида таажжубга тушгани бежиз эмас. Сабаби У.С. Дилмуродов тўловларни ўз вақтида амалга ошириб келган. Бу ҳақдаги мурожаатга туман газ идораси томонидан истеъмолчи хонадонига тегишли ҳисоблагич рақами бўйича эмас, балки яшовчилар сонига нисбатан ҳисобланадиган тарифга ўтказилгани маълум қилинган. Бу ҳақида истеъмолчи огоҳлантирилмаган.
Истеъмолчининг мазкур масалада қайта ҳисоб-китоб қилинишини сўраб қилган мурожаати рад этилган. Шундан сўнг истеъмолчи ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини сўраб Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Мазкур мурожаат мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилганда қизиқ ҳолатга дуч келинди. Газ таъминоти идораси томонидан истеъмолчи хонадонида яшаш бўйича рўйхатда 3 нафар фуқаро яшайди деб қайд этилган бўлиб, аслида эса бу манзилда фақат мурожаатчининг бир ўзи рўйхатда туриб, яшаши маълум бўлди. Илгариги рўйхат бўйича яшаган У.С.Дилмуродовнинг онаси бундан 14 йил илгари (25.03.2005йилда) вафот этган, синглиси Ч.Дилмуродова 11 йил муқаддам (19.03.2008 йил) ушбу хонадондан рўйхатдан чиқарилгани ҳақида ҳудуд газ таъминоти идорасига берилган маълумотнома ҳам инобатга олинмаган. Агентлик томонидан У.С.Дилмуродовнинг аризасида келтирилган ҳолатлар ўрганиб чиқилди ва истеъмолчининг газ таъминоти бўйича қарздорлиги асоссиз деб топилди.
8,486