Салкам бир ой давомида олиб кетилмаган чиқинди мазкур ҳудуддан қисқа муддатда олиб кетилишига эришилди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Фарғона шаҳри “Жўйдам” МФЙ аҳоли сони 6231 тани ташкил этади. Мазкур маҳалла аҳолиси яқинда “Чиқинди машина ҳафталаб қорасини кўрсатмаяпти…” дея ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилиб “Қиргули санитар сервис” МЧЖ хизматига ўз эътирозини билдиришди.
Бу борада мазкур МФЙ томонидан ҳам хизмат кўрсатувчи корхонага бир неча маротаба мурожаат ҳам қилинган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Фарғона вилояти ҳудудий тузилмаси вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳузуридаги санитар тозалаш ишларини ташкил этиш маркази ходимлари билан биргаликда аҳолининг ушбу мурожаатини жойида ўрганишди. Ҳақиқатан ҳам кўй-кўйда, хонадон дарвозалари олдида чиқиндиларнинг уюлиб ётганига гувоҳ бўлинди.
“Қиргули санитар сервис” МЧЖ хизматига бу камчилик кўрсатилди, уни бартараф этиш зарурлиги тушунтириб ўтилди. Аммо МЧЖ истеъмолчилар томонидан чиқинди тўловлари вақтида тўланмаганлигини баҳона қилишдан нарига ўтмади. Бу борада “Жўйдам” МФЙ ўз ваколати доирасида аҳолидан маиший-рўзғор чиқинди тўловларини вақтида тўланишига кўмаклашиб келаётганини айтиб ўтди. Қарздорлик бўлган, лекин жуда ҳам кам миқдорда эканлиги ўрганишларда маълум бўлди. Бундан кўриниб турибдики, истеъмолчилар ҳақ.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида фуқароларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги мажбуриятлари ҳақида икки оғиз сўз: фуқаролар чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошираётганда белгиланган санитария нормалари ва қоидаларига, бошқа талабларга риоя қилишлари ва хизматлар учун белгиланган тартибда тўловларни амалга оширишлари шарт.
9,050