Ҳали қиш бошланмасдан туриб электр ва газ таъминотида муттасил узилишлар кузатила бошланди. Ижтимоий тармоқларда истеъмолчиларнинг бу борадаги мурожаатлари кўпайгандан кўпайди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати томонидан тузилган ишчи гуруҳи Фарғона водийси вилоятларида табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ҳамда электр энергияси билан таъминлаш ҳолатларини ўрганиш мақсадида белгиланган жадвал асосида Фарғона вилоятида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳам ушбу ишчи гуруҳ таркибида Фарғона водийсида юзага келган муаммоларни ўрганиш, камчиликларни бартараф этиш мақсадида жойларда аҳоли билан сайёр учрашув ҳамда қабул соатларини ташкил этишди. Марғилон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси ва 10-умумтаълим мактабида, Тошлоқ туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ҳамда Фарғона шаҳридаги 8-умумтаълим мактабларида кузги-қишки мавсумга тайёргарлик ҳамда энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишилди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ томонидан Марғилон шаҳридаги ҳамда Тошлоқ тумани Дўстлик МФЙда яшовчи фуқароларнинг электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ етказиб берилишида юзага келган муаммолари билан танишилди, маҳалла аҳли билан сайёр учрашувлар ташкил қилинди.
Монополияга қарши курашиш бошқармасида соат 14:00 дан 18:00 гача фуқароларни электр ва газ таъминотидаги масалалари бўйича қабул ўтказилди. Шу куни 50 дан ортиқ фуқароларнинг муаммо ва таклифлари қабул қилинган бўлиб, булардан 24 таси газ таъминоти ҳамда 10 таси эса электр энергиясига тааллуқлидир. Ўнга яқин мурожаатлар жойида ҳал қилинди, аҳолини ўз вақтида электр энергияси, газ, кўмир билан таъминлаш юзасидан қолган мурожаатлар бўйича масъул ташкилотларга кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Марғилон шаҳридаги “Марғилон” кўмир омборида кўмир маҳсулотларини сифати ҳамда аҳолига имтиёзли нархларда етказиб берилиши ҳолати ҳам ўрганиб чиқилди.
Маълумот ўрнида. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Фарғона вилояти бошқармасига истеъмолчилардан 2020 йил 23 ноябрдан 28 ноябрга қадар 254 та электр таъминоти ва 383 та газ таъминоти бўйича, жами 637 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатлар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Фарғона вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда ижроси таъминланиши йўлга қўйилган.
6,613