Лойиҳадагидек ёпилмаган уй шифти 27 584 375,0 сўмга қайта таъмирланди.
Баъзи пудратчилар томонидан қурилаётган уйлар гўё “мендан кетгунча, эгасига етгунча…”, ёки “билса ҳазил билмаса чин” деган усулда қурилаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Нима бўлган тақдирда ҳам уйлар пишиқ-пухта, аниқ лойиҳа асосида қурилиши шарт. Ахир уйдан инсонлар узоқ йиллар давомида фойдаланишади, унда хавфсиз ва хотиржам яшашлари зарур.
Қорақалпоғистонлик А.А. жорий йилнинг март ойида Нукус шаҳридан 5 қаватли уйнинг юқори қаватидан харид қилган уйи билан шундай ҳолат юзага келди. Истеъмолчи ўз уйини эстетик ва ўзига хос кўринишга эга бўлиши учун “чўзилган шифт” (натяжной потолок) усулида безашни мақсад қилганди. Уста уйга келиб, шифтни ўлчади ва буюртмани қабул қилди. Аммо белгиланган кунда келтирилган буюртмани шифтга жойлаштиришнинг иложи бўлмади. Синчиклаб қаралганда уйнинг том қисми тарафи айнан лойиҳадагидек эмаслиги маълум бўлди. Мутахассис уста томонидан безак шифтга ўрнатилганда уйга тушган симлар уларга зиён етказди. Шу билан бу эксклюзив дизайн ғояси амалга ошмай қолди…
Асаби бузилган истеъмолчи нима қиларини билмай қолди. Энди қурувчиларни топа олармиканман, деган ўй уни ташвишга сола бошлади. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат қилишга қарор қилди. Қурилиш жараёнида йўл қўйилган камчиликларни тўғирлатишда амалий ёрдам беришларини сўради. Қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан мазкур мурожаат жойига чиқиб ўрганилди.
Ўрганишлар ҳақиқатдан ҳам мурожаатда келтирилганидек, уйнинг шифт қисми белгиланган талабларга жавоб бермаслигини кўрсатди. Истеъмолчининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш мақсадида ушбу уйнинг қурилишига алоқадор идораларга хатлар чиқарилиб, маълумотлар умумлаштирилди ва ўрганилди. Қорақалпоғистон Республикаси қурилиш ишларини назорат қилиш инспекцияси, “Универсал проект смета” МЧЖ вакили ва пудратчи “Шаҳзада Нөкис” МЧЖ вакиллари билан мурожаат жойига бориб ўрганилди ва ҳақиқатда камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди. Қурилиш ишларини сифатсиз олиб борган “Шаҳзада Нөкис” МЧЖга топшириқлар берилди.
Мазкур МЧЖ истеъмолчининг хонадони тепа қисмига 15 232 060,0 сўм, хонанинг ички қурилиш ишларидаги камчиликларга 12 352 315,0 сўм қўшимча лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида жами 27 584 375,0 сўмлик таъмирлаш ишларини амалга оширишга мажбур бўлди. Пудратчининг йўл қўйган камчиликлари бартараф этилди. Ўрганиш натижаси бўйича ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга киритилди.
3,356