ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ҲУҚУҚИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ АГЕНТЛИГИГА ТУШГАН ЭЛЕКТР ВА ГАЗ ТАЪМИНОТИГА ОИД ЭЪТИРОЗЛИ МУРОЖААТЛАР НОЯБР ОЙИНИНГ ЎЗИДАЁҚ АВВАЛГИДАН ҲАМ ИККИ БАРАВАР ОШГАНИ МАЪЛУМ ҚИЛИНДИ
Сув ва ҳаво инсон учун қанчалик муҳим бўлса, бугунги кунда аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ шунчалик зарур. Бугун “Истеъмолчи ҳуқуқи” саҳифасида мавсумнинг энг “тренд”даги мавзусига айланган муаммо – табиий газ ва электр тақчиллиги билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратамиз. Хўш, Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги бу масалаларни бугунги кунда қанчалик ҳал қила олди? Қанча истеъмолчининг талаби ижобий ҳал қилинди ёки ўрганиш жараёнида? Шу каби саволларимизга Агентликнинг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, қурилиш ва транспорт соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси етакчи мутахассиси Шарофиддин ҚАҲҲОРОВ жавоб берди.
Қуруқ гап билан чекланмаслик учун…
– Чиндан ҳам сўнгги ҳафтада энг кўп тилга олинган ва муҳокамалар марказида бўлган мавзу газ ва электр тармоғидаги узилишлар муаммоси бўлди. Жумладан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ҳам бу борада кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Энди очиғини айтадиган бўлсам, аввал ҳам бу борадаги мурожаатлар кам эмас эди. Бугунга келиб эса улар икки баробарга кўпайган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига энг кўп келиб тушаётган мурожаатларда:
- Электр энергиясидаги кўплаб узилишлар.
- Табиий газ таъминоти мавжуд эмаслиги, газ босимининг пасайганлиги.
- Суюлтирилган газ ўз вақтида берилмаётганлиги.
- Ҳисоблагичлар алмаштириш жараёнидаги камчиликларга оид масалалар етакчилик қилади.
Айнан қайси ҳудудлардан кўп мурожаат тушаётганлигига тўхталадиган бўлсак, республиканинг деярли барча ҳудудидан шу мазмундаги хатларни қабул қиляпмиз ва имкон қадар узоқ вақтга чўзмасдан ўша ернинг ўзида ҳал қилишга уриняпмиз. Қуруқ гап билан чекланмаслик учун ноябрь ойида агентликка келиб тушган мурожаатлар статистикасини сизларга тақдим этмоқчиман.
№ | Ҳудудлар номи | Газ | Электр |
1 | Қорақалпоғистон Республикаси | 4 | 0 |
2 | Андижон вилояти | 38 | 16 |
3 | Бухоро вилояти | 9 | 16 |
4 | Жиззах вилояти | 13 | 7 |
5 | Қашқадарё вилояти | 25 | 10 |
6 | Навоий вилояти | 3 | 2 |
7 | Наманган вилояти | 18 | 5 |
8 | Самарқанд вилояти | 34 | 28 |
9 | Сурхондарё вилояти | 11 | 14 |
10 | Сирдарё вилояти | 8 | 4 |
11 | Тошкент вилояти | 37 | 29 |
12 | Фарғона вилояти | 28 | 16 |
13 | Хоразм вилояти | 5 | 2 |
14 | Тошкент шаҳри | 30 | 26 |
Ушбу тушган мурожаатларнинг ГАЗ бўйича 30, ЭЛЕКТР бўйича эса 83 таси ижобий ҳал этилди.
17 та ҳолатда газ, 20 та ҳолатда эса электр билан боғлиқ мурожаатларга тушунтиришлар берилган. Газ билан боғлиқ 253 та, электрга оид мурожаатларнинг эса 81 таси ўрганиш жараёнида.
Хулоса ўрнида
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги берган маълумотлардан ҳам кўриниб турибдики, республикамизда табиий газ ва электр соҳасида қоғозларда ёки ҳисоботларда қилинган ишлар амалда ўз ифодасини тўлақонли топмаган, кўпчилик аҳоли ҳали буни ҳис қилиб улгурмаган. Агар вазият шу тарзда давом этаверса, қарорлар ижроси фақат қоғозлардагина қолиб кетадиган бўлса, биз ўз халқимизни қачон рози қиламиз?!
Дарвоқе, айни шу мавзу доирасида таҳририятимиз ҳам darakchi.uz сайтининг телеграм каналида “Сизнинг ҳудудингизда ҳам электр таъминотида узилишлар кузатиляптими?” саволи доирасида КУН СЎРОВНОМАСИ ўтказди. Унда иштирокчиларнинг 81 фоизи “ҲА” деган жавобни белгилашган. Демак… Яхшиси, хулоса ўзингизга ҳавола, ҳурматли масъуллар…
Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади
7,184