Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳрининг бир неча туманларида, шу жумладан Мирзо Улуғбек туманидаги истеъмолчилар жорий йилнинг 16-17 сентябрь кунлари электр энергиясидан қарздорлик учун узилгани, бироқ аҳоли томонидан тегишли тўлов амалга оширилган бўлишига қарамай, тармоққа қайта улаш ишлари ўз вақтида амалга оширилмагани ва аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлгани ҳолатлари Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан жойида ўрганиб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 484-сонли қарори билан тасдиқланган Истеъмолчиларни электр энергияси ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисидаги Низом талабларига асосан, истеъмолчиларни электр тармоқларидан узиб қўйиш – шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда, шу жумладан, фойдаланилган электр энергияси учун қарздорлик мавжуд бўлганда, ўз навбатида истеъмолчилар электр тармоқларига қайта улаш истеъмол қилинган электр энергияси учун қарзлар тўланганда амалга оширилиши белгиланган. Бунда истеъмолчилар электр тармоқларига аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилгандан, шу жумладан қарздорлик тўлангандан кейинги кундан кечиктирмай қайта уланиши лозим.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига асосан, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.
Шу муносабат билан, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ва истеъмолчилар билан уларга электр энергиясини етказиб бериш бўйича муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги белгилари бўйича «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, уни кўриб чиқиш жорий йил 24 сентябрь соат 10-00 га белгиланди.
7,923