ЭЛEКТР ЭНEРГИЯСИ ЧEКЛОВЛАР ГРАФИГИГА ҚАТЪИЙ АМАЛ ҚИЛИНИШИ ШАРТ
Айтайлик, бугунги кунда таъминотчи корхона электр энергиясини етказиб бериш бўйича чекловлар графигига амал қилмади. Бу ҳолат аввало қишли-қировли кунларда қанчадан-қанча аҳолига қийинчилик туғдиради, хонадонлардаги маиший техника жиҳозларининг «куйиб» қолишига ҳам олиб келиши тайин.
«Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг туман(шаҳар)лари томонидан шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан келишилган ҳолда тасдиқланган шундай графикка амал қилмай электр энергиясини ўчириб қўйди. Бу билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари» талабларига хилоф равишда иш тутди.
Мавжуд тартиб-қоидаларга кўра, ижрочи белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шартлиги белгиланган. Шунингдек, истеъмолчиларнинг зарур ҳажмдаги ва лозим даражада сифатли товарларини олишдан иборат ҳуқуқлари камситилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талаблар ҳам мавжуд. Мана шу талабларнинг бузилишига йўл қўйган «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖга ҳудудий тузилма томонидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, келгусида такроран йўл қўйилмаслиги учун бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Фарғона вилояти Учкўприк тумани аҳолиси номидан Н.Ш. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг 1159 ишонч телефони орқали қилган мазкур мурожаат ана шу йўсинда ҳал этилди.
8,047