Навоий вилояти.
2020 йилнинг 25 февраль санасида 9 нафар шифокор “Тошкент-Деҳли” йўналишига 33 миллион 59 минг сўмга авиачипта харид қилишади. Шуни айтиб ўтиш керакки, бу парвоз учун “OMAD AVIA” МЧЖга қарашли авиакассадан чипталар сотиб олинади. Парвозни амалга ошириш санаси эса жорий йилнинг 24 март куни эди. Айнан шу даврда пандемия бошлангани сабабли барча авиақатновлар бекор қилинди. Шифокорларнинг малака ошириш бўйича тадбирлари ҳам қолдирилади. Фойдаланилмаган чипталарни пулини қайтариб олиш учун қилинган мурожаатлардан эса фойда чиқмайди.
Албатта, кўрсатилмаган хизматлар учун ижрочи ҳақ олишга ҳақли эмаслигини ҳар бир фуқаро яхши билади.Авиакомпаниянинг расмий www.uzairways.com веб-сайтида бекор қилинган авиақатновлар учун харид қилинган чипталарга сарфланган пул маблағларининг қайтарилиши навбат билан амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилади.Аммо орадан беш ой вақт ўтишига қарамай уларнинг “навбати” негадир келмайди…
Шунингдек, мазкур сайтда йўловчилар томонидан авиачипталар ва қўшимча хизматлар учун 2020 йил 31 декабргача тўланган суммани қайтаришни таъминлаш учун 2021 йил 1 июлдан депозит ваучерларни расмийлаштириш амалга оширилиши таъминланганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам берилганига қарамай, авиакасса бу талабларни бажармай келаверади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда ҳаво транспорти борасида Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодекси ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ва меъёрий ҳужжатлар мавжуд. Соҳадаги бу каби қонун ҳужжатлари айнан йўловчи-истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. “Uzbekistan Airways” ва “OMAD AVIA” МЧЖлар эса истеъмолчилар билан юзага келган муаммога совуққонлик билан ёндошиб, ўз мижозларини сарсон қилишдан наригвюа ўтмадилар.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Навоий вилояти ҳудудий тузилмасига тушган мазкур мурожаат ниҳоят ижобий ечим топди. 33 миллион 59 сўмлик чиптага тўланган пуллари қайтган истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинганидан мамнун бўлдилар.
“Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 104-моддасига асосан йўловчи ҳаво транспортида ташиш шартномаси амал қилиб турган исталган вақтда – йўловчи учун жой банд қилиб қўйилган ҳаво кемаси парвоз қилгунича ёки парвоз қилганидан кейин йўналиш манзилларидан бирида ҳаво транспортида ташиш шартномасини бекор қилиш ва ташиш учун тўланган сумманинг ҳаммасини ёки бир қисмини ташувчининг тарифларини қўллаш қоидаларида белгиланган тартибда олиш ҳуқуқига эга”.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 4, 19 ва 21-моддаларига кўра истеъмолчи бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳимоя қилинишини сўраб мурожаат этиш ҳуқуқига эгалиги, истеъмолчи хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ва ижрочи истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгиланган.
11,662