Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланувчи Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ўз ваколати доирасида қуйидагиларни маълум қилади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, электрон тижорат орқали фақат рецептсиз бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш, сақлаш ва етказиб беришда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳужжатли ва электрон расмийлаштириш тартиби ва талабларига қатъий риоя қилган ҳамда қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширишга рухсат этилади.
ДОРИХОНА ВА ДОРИ-ДАРМОНЛАР ҲАҚИДА АНИҚ МАЪЛУМОТ БЎЛИШИ ШАРТ
Бунда, дори воситалари ва тиббий буюмларни электрон тижорат орқали чакана реализация қилишда дорихоналарга тегишли веб-сайтлар ва (ёки)
мобил иловаларда юридик шахснинг номи, унинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, ИНН рақами, жойлашган жойи (почта манзили), электрон почта манзили, боғланиш телефон рақами, лицензия рақами, амал қилиш муддати, уни берган орган номи кўрсатилиши мажбурийдир.
Шу билан бирга реализация қилинаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳақидаги маълумотлар, жумладан халқаро патентланмаган ва савдо номи, чиқарилган шакли, дозаси, серияси, яроқлилик муддати, ишлаб чиқарган давлат (етказиб берувчи), қўллаш бўйича йўриқнома, чакана нархи, савдо устамаси миқдори, мувофиқлик сертификати, аналогларнинг мавжудлиги, ҳисоб-китоб шакли, етказиб бериш тартиби ва нархи кўрсатилиши шарт.
ЕТКАЗИШ ФАҚАТ МАХСУС ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИДА
Электрон тижорат орқали реализация қилинган дори воситалари
ва тиббий буюмларни етказиб бериш сифат ва хавфсизлик талабларига
жавоб берувчи (керакли зарур ҳарорат, намлик, шунингдек, тоза ҳаво таъминланган техник соз ва тоза) дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш камераси билан жиҳозланган транспорт воситалари орқали дорихона ходими – фармацевтик маълумотга эга мутахассис билан бирга амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Алоҳида сақлаш ҳароратини талаб этувчи дори воситаларини ташиш
эса ҳароратни доимий равишда кузатиб борувчи қурилма билан жиҳозланган рефрижератор ускунаси ёки термоконтейнер билан жиҳозланган, дори воситалари ва тиббий буюмлар, уларнинг сифати, самарадорлиги ва хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмайдиган ҳамда ташқи муҳит таъсиридан сақловчи транспорт воситасида амалга оширилиши керак.
Шунингдек, аҳоли саломатлиги учун дори воситалари ва тиббий буюмларни ножўя таъсирини олдини олиш мақсадида, уларни бошқа турдаги юклар билан бирга ташиш қатъиян тақиқланади.
АЛБАТТА ҚОНУН ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛАДИ
Ўз навбатида, электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб бериш хизматларини реклама қилишда Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлари талабларига риоя қилиниши, хусусан истеъмолчига хавола қилинаётган ахборотда аниқлик
ва ишончлилик тамойилларига амал қилиниши, маҳсулот ва етказиб бериш хизмати (маҳсулот ва хизмат номи, тавсифи, нархи, алоҳида шартлари) ҳақида тўғри ва тушунарли маълумот берилиши лозим.
Шу муносабат билан Агентлик томонидан электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш (етказиб бериш) хизматларини кўрсатишда юқоридаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиниши зарурлиги бўйича дори воситалари билан улгуржи ва чакана, шу жумладан, электрон тижорат билан шуғулланувчи, етказиб берувчи корхоналарга, оммавий ахборот воситалари ҳамда телеграм каналларига эслатма хат юборилди.
20,912